Етакчилар ҳисоб-китобда замонавий ёндашувни танлайди
04.05.2020
Rukn: Yangiliklar.
Muallif: .

Мамлакатимиз чакана бозорининг энг йирик иштирокчиларидан бири – Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи тўлиқ онлайн назорат-касса техникаларидан фойдаланишга ўтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5813-сонли Фармонига мувофиқ, жорий йилнинг январь ойидан бошлаб Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ва виртуал касса машиналаридан фойдаланишга босқичма-босқич ўта бошлади.

Korzinka.uz супермаркетлар тармоғида 2020 йил 30 апрелда онлайн-НКМ ва виртуал кассаларнинг Давлат реестрига киритилган дастурий маҳсулот – “Soft Tech Solutions” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган “Pos2k” виртуал кассадан фойдаланилмоқда.

Мамлакатнинг йирик ритейлери ихтиёрий равишда виртуал кассадан фойдаланишга ўтмоқда, чунки бу ишончли хизмат:

— истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини оширади – маълумотлар базасида сақланадиган электрон чек мунозарали масалаларни ҳал этишни соддалаштиради;

— солиқ органлари билан ўзаро тезкор ҳамкорликни таъминлайди – маълумотларни реал вақт режимида узатиб боради.

— солиқ органларидан ҳақиқий тушумларни яширмасдан, шаффоф фаолият юритиш имкониятини тақдим этади.

Буларнинг барчаси истеъмолчилар ва солиқ органлари билан ишончли муносабатларни мустаҳкамлашни кафолатлайди, компаниянинг ижобий имиджини шакллантиради. Қолаверса, халқаро бизнес стандартларига яна бир қадам яқинлашишга имкон беради.

Korzinka.uz супермаркетлар савдо тармоғига виртуал кассаларнинг жорий этилиши бозорнинг бошқа иштирокчилари ва барча фаолият соҳалари вакиллари учун ҳам муносиб намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Манба

Orphus system
O'zbеkistonda AKT yangiliklaridan birinchilar qatorida xabardor bo'lish uchun Telegramda infoCOM.UZ kanaliga obuna bo'ling.
Telegramga qo`shmoq
WhatsAppga qo`shmoq
Odnoklassnikiga yubormoq
VKontakteda bo`lishmoq