Стартаплар тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди
28.04.2020
Rukn: Yangiliklar.
Muallif: .

Ўзбекистон Республикаси “Стартаплар тўғрисидаги” қонуни лойиҳаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали regulation.gov.uz га жойлаштирилди (https://regulation.gov.uz/uz/document/17135).

Қонунда стартап, стартап-экотизими, стартап-акселератор, кўмак дастури каби тушунчаларга изоҳ берилди.

Стартапларни ташкил этишнинг асосий принциплари этиб қуйидагилар белгиланади: стартапларни амалга ошириш учун йўналишни, манбаларни ва шартларни танлаш эркинлиги; стартапларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастурларидан тенг фойдаланишни таъминлаш; экологик, илмий, ахлоқий меъёрларга риоя қилиш; инсон ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарар етказмаслик.

Стартап-экотизимни ташкил этиш ва ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар кўрсатилган:

стартап-экотизимни ривожлантириш учун қулай ижтимоий ва иқтисодий шароитларни яратиш;

устувор йўналишларни аниқлаш ва стартап-экотизимни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

стартапларни ривожлантириш ва корхоналарни рағбатлантириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

стартап-экотизим иштирокчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;

венчур капитал соҳасини ривожлантиришга кўмаклашиш ва венчур капитал ташкилотларини стартапларга инвестиция киритишга рағбатлантириш;

стартап-экотизимни ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Стартап-экотизимини ташкил этиш, стартапларни рўйхатга олиш, мониторинг қилиш ва ривожлантириш, шунингдек бизнес-инкубаторлар ва бошланғич акселераторларни сертификатлаш бўйича ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳисобланади. Хусусан Вазирлик кўмак дастурларини тақдим этиш тартибини ишлаб чиқади, кўмак дастурларини тақдим этиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади, стартаплар, бизнес инкубаторлар ва стартап акселераторларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш учун ягона онлайн платформани ташкил қилади ва мувофиқлаштиради. Инновацион ривожланиш вазирлиги шунингдек стартап-экотизимида иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Стартаплар кўмак дастурида ихтиёрий равишда қатнашадилар. Кўмак дастурида қатнашиш учун стартаплар қуйидаги талабларга жавоб беришлари керак:

Ўзбекистонда камида 1 йил олдин ва 5 йилдан кўп бўлмаган муддатда рўйхатдан ўтган юридик шахслар бўлиши;

молиявий ҳисобот натижаларига кўра йиллик пул айланмаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан кам бўлиши;

асосан ёки фақат технологик таркибий қисмга эга хизматларни ва/ёки маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тижоратлаштириш билан шуғулланиши;

ишлаб чиқилаётган маҳсулот / хизмат тижоратлаштиришда потенциал юқори қўшимча қийматга, даромадлиликка (таннарх ва нарх орасидаги) эга бўлиши;

йиллик молиявий ҳисоботга кўра тадқиқот ва ишланмалар учун сарфланган харажатлар умумий харажатларнинг 15 фоизидан кам бўлмаслиги.

Кўмак дастуридан фойдаланишда чекловлар ҳам мавжуд. Aгар жамоада бир вақтнинг ўзида директорлар кенгаши аъзоси ёки бошқа компаниянинг директори, давлат ёки маҳаллий бошқарув идораси ходими каби ходим/ходимлар ишласа, стартап кўмак дастурида қатнашиш ҳуқуқига эга эмас.

Кўмак дастури даври ваколатли давлат органи томонидан ёрдам дастурини тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 1 йилдан 3 йилгача берилиши мумкин.

Бундан ташқари стартапларни молиялаштириш ва уларни молиялаштиришда чет эл венчур капиталини жалб қилиш учун қўшимча чора-тадбирлар доирасида Стартап виза дастури (Startup Visa) ҳам ишга туширилиши режалаштирилган.

Стартап виза — Ўзбекистон Республикасида ўз бизнесини биринчи маротаба, икки йил муддатга бошлаган, юқори салоҳиятга эга хорижий ишбилармонларга, шунингдек чет эл стартаплари ва жалб қилинган менторларга Ўзбекистон Республикаси стартаплари ўртасида тегишли келишув муддати давомида иш (бизнес) визаси учун мўлжалланган визалар туридир. Визалар чет эллик мутахассисларнинг илтимосига биноан уларнинг оила аъзоларига ҳам (турмуш ўртоқлари / шериклари ва 18 ёшгача бўлган болалар) аризада кўрсатилган муддатга, амалдаги шартноманинг амал қилиш муддати давомида берилиши мумкин.

Қонун лойиҳасида Сертификатланган бизнес-инкубаторлар ва акселераторлар тушунчалари келтирилган бўлиб, Бизнес-инкубатор — бу кичик бизнес субъектларни комплекс манбалар ва хизматлар билан таъминлаш орқали уларнинг шаклланиши ва муваффақиятли ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган воситадир. Стартап акселератор — бу мураббийлик (менторлик), ўқитиш ва эксперт қўллаб-қувватлаш орқали жадал ривожланиш дастури. Сертификатланган бизнес-инкубаторлар ва стартап-акселераторлар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, синов ва тажриба ўтказиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни олиб кириш учун барча турдаги солиқ ва божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилинади.

Ҳужжатда стартапларни молиялаштириш манбалари кўрсатилган бўлиб, уларга Ўзбекистон Республикасининг бюджети маблағлари, Қорақалпоғистон Республикасининг бюджети маблағлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш фонди, индивидуал ва корпоратив венчур инвесторлари, халқаро грантлар, тижорат банкларининг, шу жумладан хорижий ва халқаро молия институтларининг мақсадли кредитлари ва бошқа манбалар киради.

Қонун лойиҳасининг муҳокамаси 12 майга қадар давом этади.

Manba

Orphus system
O'zbеkistonda AKT yangiliklaridan birinchilar qatorida xabardor bo'lish uchun Telegramda infoCOM.UZ kanaliga obuna bo'ling.
Telegramga qo`shmoq
WhatsAppga qo`shmoq
Odnoklassnikiga yubormoq
VKontakteda bo`lishmoq