«Билайн»нинг «Мобил Этикет» лойиҳаси Термиз шаҳрида
20.07.2008
Rukn: Mobil aloqa.
Muallif: .

pic

«Unitel» Масъулияти Чекланган Жамияти («Вымпелком» ОҲЖ таркибига кирувчи ва Ўзбекистон ҳудудида «Билайн» савдо маркаси остида уяли алоқа бўйича хизмат кўрсатувчи компания) Термиз шаҳрида мобил телефон ёрдамида сўзлашув маданиятини амалга киритиш бўйича навбатдаги давра столини ташкил этди.

Мазкур таълимий лойиҳа доирасида турли жамоатчилик ташкилотлари вакиллари иштирок этган қатор тадбирлар бирмунча илгари Тошкент, Фарғона, Наманган ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтганди.

Термиз шаҳридаги давра столида халқ таълими, маданият, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари, «Камолот» ёшлар ҳаракати, ЙҲХБ, масжид ва олий ўқув юрти вакиллари иштирок этишди.

«Компаниямиз ушбу лойиҳани 2005 йилнинг ноябрь ойида Санкт-Петербургда амалга ошира бошлаган, эндиликда мобил телефондан фойдаланиш маданияти Россия ва МДҲ мамлакатларига тез тарқалиб бормоқда,- дея шарҳлади «Unitel» МЧЖ Тижорат Ишлари Директори Андрей Солоухин. – Ишончимиз комилки, бу каби таълим-тарбиявий дастур Ўзбекистонда ҳам яхши йўлга қўйилади ҳамда мобил этикет қоидалари мамлакатнинг барча вилоятларидаги мобил телефондан фойдаланувчилар ўртасида фаол шаклланиб боради».

«Ҳар бир абонент мобил телефондан фойдаланиш одобларини билмоғи керак, чунки у чиндан ҳам умумий маданиятнинг бир бўлаги саналади. Агарда бу одоб-қоидаларни мактаб партасидан бошлаб ўқита бошласак, жуда яхши иш бўлган бўлур эди, биз, маърифатчилар, ушбу лойиҳани чин дилдан қўллаб-қувватлаймиз»,- деди Термиздаги 15-мактаб ўқитувчиси Ольга Раҳимова.

«Биз қандай кийим кийилса, чиройли бўлишни биламиз, ёки, масалан, тўғри овқатланиш қоидаларини яхши биламиз, бундай қоидалар ёшлигимиздан бошлаб шакллана бошлайди. Худди шу қоидалар билан ёнма-ён равишда мобил этикет ҳам маданиятимизнинг бир қисмига айланмоғи керак. Мобил телефондан фойдаланганда бошқаларнинг шахсий ҳаётига суқилмаслик, шунингдек, атрофдагиларнинг хавфсизлигига путур етказмаслик лозим»,- дея қўшимча қилди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими Мустафоқул Сатторов.

Баҳс жараёнида турли таклифлар ўртага ташланди ва «Мобил телефондан фойдаланиш одоб-қоидалари» имзоланди.

Orphus system
O'zbеkistonda AKT yangiliklaridan birinchilar qatorida xabardor bo'lish uchun Telegramda infoCOM.UZ kanaliga obuna bo'ling.
Telegramga qo`shmoq
Odnoklassnikiga yubormoq
VKontakteda bo`lishmoq